Култепа

 
Култепа – ўрта асрлардаги Саботнинг қадимий шаҳри. Бу шаҳар шу номдаги қишлоқнинг жануброғида, Хўжамушкентнинг чар қирғоғида жойлашган бўлиб, ўрта асрлардаги Сабот билан биргаликда келади. 

Ўрта асрлардаги Сабот Шимолий Уструшана чўл рустаклардан бирининг маркази бўлиб, Сўғддан Хўжандга, Фарғонага ва кейин Хитойга элтувчи катта савдо йўлидаги Зоминга энг яқин  маскан ҳисобланар эди.  Ибн Хордадбек ва Ибн ал Фақнанинг келтиришича, у Зоминдан икки фарсах узоқликда, Истахрига кўра уч фарсах, Муққаддасийнинг келтиришича эса икки чақирим узоқликда бўлган. Бир гуруҳ араб географлари (Истахри, Ибн Хайкал, Ёқут) Саботни Уструшананинг шаҳарларидан бири бўлганини айтсалар, Муқаддасий ва Худомийнинг маълумотларига кўра у йирик одамлар яшаш манзили сифатида тилга олинади. 

Дастлаб ўрта асрдаги Саботнинг мавжудлигини П. С. Скварскин тахмин қилган эди. Ўтган асрдаёқ у Саботни Сават қишлоғидан 10 км шимолда жойлашган Эски Сават (ҳозирги Сават Рават) билан таққослаган эди. Ўша даврдан бошлаб, маҳаллий тасдиғини топмаган бу тахмин қатор илмий ишларга, жумладан Шимолий-Ғарбий Уструшанага бағишланган ишларда тилга олинди. 1974 йилда тадқиқот ишлари натижасида ўрта аср шаҳрини Саватнинг шимолида эмас, балки жанубида, Култепа шаҳрининг атрофидан қидириш фикри айтиб ўтилди. 

Бироқ Хўжамушкент ҳавзасини тўлиқ тадқиқ қилиш ва қазилма ишларигина бу қадимий шаҳарнинг ўрта асрлардаги Сабот, деб ҳисобланиши кераклигини асослаб берди.