«Хўжаи Сароб ота» ёдгорлиги

 
 «Хўжаи Сароб ота» ёдгорлиги 2 га майдонни эгаллаган бўлиб, Пешағор қишлоғидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган. Ёдгорлик атрофи қалин ўтлар билан қоплангани сабаб, бу ерга келган мусофир гўёки барча муаммолар ташқарида қолган кишидек, ўзини хотиржам ҳис этади. 

Сал юқорироқда масжид ва мақбара ўрин эгаллаган. Бу ерда 1321 йил туғилган атоқли олим – Мавлоно Муҳаммад Пешоғорийнинг қабри бор. Унинг фаолияти ҳақида Фахриддин Али ибн Воиз Кошифийнинг  «Рашхату айнул ҳаёт» солномасида келтирилган. Маълумотларга кўра, донгдор диншунос , Нақшбандия тариқатининг давомчиси бўлган Мавлоно Муҳаммад ўз саёҳатларининг бирида бу ерга келиб, муқим қолишга қарор қилган. У узумчилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб, маҳаллий оилаларнинг фарзандларига ҳам таълим берган. 

Шу ерда яшовчи халқ орасида юрадиган ривоятларга кўра, булоқ суви шифобахш хусусиятга эга. Агар ушбу булоқ сувини ичиб ният қилса, у, албатта, ижобат бўлар экан. Ҳозирги кунда Пешоғор ва Кангли қишлоқларининг уч минг аҳолиси шу булоқ сувидан истеъмол қилади.